Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги

                                                                                                                                      НИЗОМ

 

                                                                                                                  I боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) регламенти асосида ишлаб чиқилган ва маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларини шакллантириш ва ишини ташкил қилиш тартибини, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатларини белгилайди. 

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий Кенгаш қарорлари ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида назорат вазифаларини амалга ошириш учун маҳаллий Кенгаш ўз ваколати муддатига маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларини (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) сайлайди. 

2. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида, шунингдек маҳаллий Кенгаш регламенти ҳамда доимий комисиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширади.

3. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан раис ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар. 

4. Маҳаллий Кенгаш депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин (Регламент ва депутатлик одоби масалалари комиссияси бундан мустасно). 

Доимий комиссия таркибига кирмаган маҳаллий Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Ҳоким – маҳаллий Кенгаш раҳбари ҳамда маҳаллий Кенгаш котибияти мудири доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.

5. Доимий комиссиялар раислигига ва аъзолигига номзодлар сессияга ҳоким – маҳаллий Кенгаш раҳбари томонидан тақдим қилинади.

Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.

Доимий комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркибини ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркиби бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

6. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида очиқ овоз бериш йўли билан доимий комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан раис ўринбосарларини ва котибларини сайлайди.

7. Доимий комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

8. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш олдида масъул ва ҳисобдордир.

9. Маҳаллий Кенгаш депутатининг доимий комиссиядаги ваколатлари унинг илтимосига кўра, шунингдек унинг ўз вазифаларини бажаришга имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. 

Доимий комиссия раисининг таклифи бўйича доимий комиссия таркибидаги ўзгартиришлар сессияда кўриб чиқилади.

10. Доимий комиссиялар сони, уларнинг номланиши ва таркиби сессияда белгиланади. 

Маҳаллий Кенгаш таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича;

таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича;

ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича;

саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича;

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссияларнинг таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

 

                                                                                                                  II боб. Доимий комиссиялар фаолиятининг асосий йўналишлари

 

11. Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия:

маҳаллий бюджет лойиҳасини, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни, шунингдек маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссияларнинг фикрларини ўрганади, хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маърузалар ва таклифлар билан чиқади;

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳудудий стратегик йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этади, ўз ваколатлари доирасида таклифлар киритади ва ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширади;

ҳудудда янги иш ўринларини яратиш, хусусий ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани шакллантириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб боради ва депутатлик назоратини амалга оширади;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларини ўрганади, улар бўйича тавсиялар тайёрлайди;

маҳаллий бюджет ижроси, бюджетдан ташқари ва мақсадли фондлар маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби устидан назоратни амалга оширади;

маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромад захиралари ва манбаларини аниқлаш бўйича иш олиб боради;

маҳаллий бюджет харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисмининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишида иштирок этади ва ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширади;

маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг белгиланган тартибда тақсимланишида иштирок этади, ушбу масала юзасидан сессияга таклифлар киритади, маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назоратни амалга оширади;

маҳаллий солиқлар ва маҳаллий бюджетга тушадиган бошқа мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш масалаларини кўриб чиқади ва хулосалар беради;

тегишлилигича маҳаллий бюджетга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда хулосалар беради; 

ҳудуднинг эксперт салоҳиятини ошириш, инвестициялар ва туризм масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади, уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади ва назорат қилиб боради;

ҳудуднинг экспорт салоҳияти ўсишига тўсқинлик қиладиган тизимли муаммоларни ўрганади, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан, қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудий инвестиция дастурлари бажарилишини таҳлил қилиб боради, инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатади;

ҳудудга инвестиция жалб этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлайди, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли ижро органига киритади; 

ҳудуднинг туризм салоҳиятини таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, шу билан бирга ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

ҳокимликнинг тузилиши, штатлари ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги ҳоким – маҳаллий Кенгаш раҳбари тақдимномасини дастлабки тарзда кўриб чиқади;

маҳаллий Кенгашнинг режалаштириш ва бюджет-молиявий фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни кўриб чиқишда қатнашади;

аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги устувор йўналишларни белгилашда иштирок этади, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширади; 

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботини (ахборотини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

12. Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия:

маҳаллий Кенгаш томонидан режалаштирилаётган дастурларни, шунингдек Тошкент шаҳар ҳудудида (кейинги ўринларда ҳудуд деб юритилади) қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

қонунчилик, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижроси устидан тизимли назоратни амалга оширади;

ҳудудда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганади ҳамда ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади; 

коррупция кўринишларининг намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига мунтазам равишда ахборот киритиб боради;

ўз ваколатига тааллуқли бўлган маҳаллий Кенгашнинг дастурлари ва ҳоким қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ва хулосалар беради;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек суд, прокуратура, мажбурий ижро бюроси, ички ишлар, адлия органлари раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича дастлабки тарзда комиссия мажлисларида ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, улар бўйича якуний хулоса тайёрлайди ҳамда мазкур масалани сессия муҳокамасига киритади; 

ҳоким – маҳаллий Кенгаш раисининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси эса тегишли Тошкент шаҳар ҳудудида жойлашган халқ депутатлари туман Кенгаши қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

оммавий ахборот воситалари, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади, тегишли ҳудудда жамоат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳудудда қонунийлик ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқади, шунингдек тегишли давлат органларига сўровлар юборади ва доимий комиссия қарорларининг бажарилишини назорат қилади;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

13. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия:

ҳудудни таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;

ҳудудни таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, шунингдек уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маъруза ва қўшимча маърузалар билан чиқади;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботини (ахборотини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ҳудуддаги таълим муассасаларининг шароити, моддий-техник таъминотини таҳлил қилган ҳолда, уларни яхшилаш бўйича таклифларни шакллантиради ва тегишли манзилли дастурларга киритиш юзасидан таклифлар беради;

таълим тизимининг ҳолатини таҳлил ва назорат қилади, таълим сифатини янада яхшилаш, мактаблар, лицейлар, коллежлар, касб-ҳунар мактаблари, техникумлар ва олий ўқув юртларида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш бўйича тавсиялар киритади; 

таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёни қатнашчиларини соғломлаштириш ва моддий рағбатлантириш масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади, таълим соҳаси ходимларининг ижтимоий масалаларини ҳал қилиш учун пул маблағлари ажратилиши ташаббуси билан чиқади; 

мактаб директори лавозимига тавсия қилинган номзодларни ўрганади ва хулосалар беради, шунингдек директорликка маъқулланган номзодларнинг уч йиллик дастурлари бажарилишини назорат қилиб боради, зарур ҳолларда уларнинг фаолиятига баҳо беради; 

кадрлар тайёрлашни яхшилаш, ҳудуднинг интеллектуал салоҳиятини сақлаб қолиш мақсадида маҳаллий Кенгашнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги масалаларини дастлабки тарзда ўрганади ва уни кучайтириш бўйича таклифлар киритади; 

ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичи билан қамраб олиш, уларнинг муайян касб эгаси бўлишини, бандлиги таъминланишини таҳлил қилиб бориш ва яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

жисмоний тарбия ва спорт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортни ривожлантириш, шунингдек аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш масалаларини ўрганади; 

маданият муассасалари тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади, уларнинг ёшларни эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича таклифлар киритади;

анъанавий халқ ижодиёти марказлари, аҳолининг миллий-маданий анъаналари, бадиий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун шароитлар яратишга кўмаклашади; 

тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, маҳаллий даволаш-профилактика муассасаларини, шу жумладан, табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудуднинг “тиббий харитаси” шакллантирилиши, ундан келиб чиққан ҳолда, аҳолига зарур ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши бўйича назорат олиб боради; 

ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик ҳолатини таҳлил қилади, аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

бюджет маблағлари ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг хайрия бадаллари ҳисобидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини белгилашда иштирок этади;

ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, кўп болали оилалар ҳамда кекса фуқароларнинг уй-жой ва моддий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

14. Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия:

ёшлар сиёсатини амалга ошириш, хотин-қизлар ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги дастурларни ишлаб чиқишда қатнашади, дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

маҳаллий Кенгаш ҳузуридаги “Ёшлар гуруҳи” ҳамда “Ёшлар парламенти вакиллари мактаби” ташкил этилишини, уларнинг фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминлайди ҳамда мувофиқлаштириб боради.

ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этиш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин топишлари учун зарур шарт шароитларни яратиш, ёш кадрлар заҳирасини шакллантириш, уларни тайёрлаб бориш ва босқичма-босқич турли раҳбарлик лавозимларига тавсия этишда иштирок этади.

ҳудудда ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмиталарига тақдим этади;

ёшларни ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида ҳудудда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилади, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;

ёшларнинг ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, уларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлашда иштирок этади;

ёшларни оилага тайёрлаш, соғлом оилани шакллантириш, «Соғлом оила – соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган давлат сиёсатини олиб бориш, жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни, тинч-тотувлик ва осойишталикни таъминлаш борасидаги ишларни ташкил этишда фаол иштирок этади; 

ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитиш борасидаги ишларни ташкил этишда иштирок этади, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ёш оилаларни ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашдаги муаммоларни таҳлил қилади ва бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этади, бу соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга доир тавсиялар ишлаб чиқади;

хотин-қизларни камситиш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийлик бўйича ишларни назорат қилади; 

Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳудудий чора-тадбирлар дастурларининг ижро этилиши юзасидан вазирлик, идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ва танқидий муҳокама қилиб бориш;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

15. Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия:

ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатишни ривожлантириш қисмини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

ҳудуднинг бош режаси ва қурилиш қоидалари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;

коммунал соҳа, транспорт ва алоқа ҳолатини ўрганади, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

савдо, умумий овқатланишни ташкил этиш, истеъмол бозори фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;

бозорлар ишини оптималлаштириш, саноат ва озиқ-овқат молларини реализация қилиш, ҳудудда савдо ярмаркаларини ташкил қилиш бўйича таклифлар киритади;

ёқилғи-энергетика таъминоти, сув таъминоти, оқова сувларни четга чиқариб юбориш ва тозалаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш масалаларини кўриб чиқади;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

16. Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия:

аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва тайёрлашда қатнашади;

ердан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта ишлов бериш, табиий муҳитни яхшилаш бўйича ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-хўжалик шароитлари масалаларини кўриб чиқади; 

деҳқон ва фермер хўжаликлари, саноат корхоналари, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ўртасидаги ишлаб чиқариш алоқаларини ўрганади ва уларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритади; 

табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан cамарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларини самарали ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритади;

ҳудуддаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда иштирок этади;

сув объектлари ҳолатини сақлаш ва яхшилаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан таклифлар киритади;

зарур ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ экологик экспертиза ўтказиш бўйича таклифлар киритади;

ҳокимлик бўлимлар ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

17. Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия:

маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштиради ҳамда доимий мониторинг қилади;

ахборот сиёсати, маҳаллий давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, шу жумладан, маҳаллий давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг очиқликни таъминлаш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади;

ахборот сиёсати, маҳаллий давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид мавжуд қонунчилик базасини таҳлил қилган ҳолда, уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ахборот сиёсати, маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлашга доир масалалар юзасидан ўрганишлар олиб боради;

жойларда аҳоли, жумладан, ахборот хизмати соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бевосита мулоқот қилиш орқали ахборот сиёсати ҳамда маҳаллий давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид ҳақиқий аҳволни ўрганади ҳамда бу борада аниқланган долзарб масалаларни депутатлик назорати доирасида ҳал этиш чораларини кўради;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ахборот сиёсати ҳамда маҳаллий давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш масалаларига оид мурожаатларини кўриб чиқади;

ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;

ўз ваколатига тааллуқли бўлган маҳаллий Кенгаш дастурлари ва ҳоким қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ҳамда хулосалар беради;

ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш юзасидан таҳлиллар олиб боради ва тегишли таклифлар тайёрлайди;

ҳудуддаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилади, зарур ҳоллатда ҳолатни яхшилаш бўйича таклифлар киритиб боради;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.

18. Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссия:

маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шу жумладан, уни чақириб олиш тўғрисидаги, маҳаллий Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга тегишинча Тошкент шаҳар прокурорининг тақдимномаси бўйича розилик бериш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва маҳаллий Кенгаш томонидан кўриб чиқишга тайёрлайди;

маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари, бошқа органларини ташкил қилиш ва тугатиш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;

маҳаллий Кенгашнинг топшириғига мувофиқ маҳаллий Кенгаш депутати томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Депутатлик одоби қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқади ҳамда мазкур масала бўйича хулоса тақдим қилади; 

маҳаллий Кенгашнинг регламенти лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

Депутатлик одоби қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун сессияга киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

сайловчиларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан Депутатлик одоби қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларини кўриб чиқади;

маҳаллий Кенгаш депутатлари, бошқа шахслар томонидан маҳаллий Кенгашнинг регламенти нормаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади ва уни бузиш ҳолатлари мавжуд бўлганда уларни бартараф қилиш чораларини кўради;

ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади. 

 

                                                                                                                      III боб. Доимий комиссиялар ишини ташкил этиш

 

19. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини сессияда тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширадилар. Доимий комиссиянинг иш режаси маҳаллий Кенгашнинг иш режаси билан белгиланган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилади. 

Доимий комиссиянинг ташаббуси билан доимий комиссиянинг иш режасига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Доимий комиссиянинг иш режасидаги ўзгартишлар навбатдаги сессияда тасдиқланади. 

20. Доимий комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда доимий комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.

21. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини мажлис шаклида амалга оширадилар. 

Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.

Доимий комиссиянинг мажлислари раис, раис йўқлигида эса раис ўринбосарининг ташаббуси билан, шунингдек комиссия аъзолари кўпчилиги томонидан чақирилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади. 

22. Доимий комиссиялар мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади. 

23. Доимий комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда доимий комиссия таркибининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. 

Доимий комиссия аъзоси мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда доимий комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт. 

24. Доимий комиссиялар мажлисларикун тартиби лойиҳасига доимий комиссиялар иш режаларидаги масалалар, маҳаллий Кенгаш қарорларида белгиланган масалалар, шунингдек доимий комиссиялар аъзолари томонидан таклиф қилинган масалалар киритилади.

Кун тартиби лойиҳаси ва мажлисни олиб бориш тартиби доимий комиссия раиси томонидан эълон қилинади ва муҳокама қилингандан сўнг тасдиқланади.

25. Доимий комиссия мажлисларида баённомалар юритилади. 

Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

доимий комиссиянинг номи, мажлиснинг тартиб рақами;

мажлис ўтказиладиган вақт, сана ва жой;

ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзоларининг сони, шунингдек таклиф этилган шахслар сони;

мажлиснинг кун тартиби, мажлисда кўриб чиқиш учун киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;

кун тартибига мувофиқ муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти;

«ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган, қабул қилинган қарорлар рўйхати.

Мажлис баённомасига мажлисда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзолари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати, маърузалар матнлари ва бошқа материаллар илова қилинади.

Доимий комиссия мажлисининг баённомаси мажлис тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай расмийлаштирилади. Баённома доимий комиссия раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ва доимий комиссия котиби томонидан имзоланади. 

26. Доимий комиссия мажлисини самарали олиб бориш учун, қоида тариқасида, маъруза учун 20 дақиқагача, қўшимча маъруза учун 10 дақиқагача, музокараларда сўзга чиқувчиларга 5-7 дақиқагача, ахборот ёки маълумот бериш учун эса 3 дақиқагача вақт берилади. 

27. Доимий комиссияларнинг мажлислари очиқ ўтказилади. Доимий комиссия ёпиқ ёки сайёр мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. 

Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.

Мажлисга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

Мажлисга таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби доимий комиссия раиси томонидан ҳал этилади.

Мажлисда раислик қилувчи мажлисга таклиф қилинган шахслар таркиби ва сони тўғрисида доимий комиссия аъзоларини хабардор қилади.

28. Доимий комиссиялар масалаларни тайёрлаш ва уларни пухта ишлаб чиқиш учун маҳаллий Кенгаш депутатларидан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.

29. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш вақтида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва бир хил мажбуриятларга эгадирлар.

30. Доимий комиссияларнинг аъзолари доимий комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишлари, доимий комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт. Доимий комиссиялар аъзолари ҳар чоракда доимий комиссия раисига доимий комиссия иш режасида назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши бўйича ўз фаолияти якунлари ва депутатлик вазифаларини бажариш натижалари тўғрисида ёзма ҳисоботлар тақдим этадилар.

Доимий комиссиялар аъзолари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширадилар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари доимий комиссиялар аъзоларини улар ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, уларнинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда доимий комиссиялар аъзоларининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

31. Доимий комиссиянинг аъзоси кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади, уларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек маҳаллий Кенгашнинг, доимий комиссиянинг қарорлари бажарилишини ташкил этишда иштирок этади. Доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради. Доимий комиссия мажлисида иштирок этаётган доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси муҳокама қилинаётган масала бўйича овоз беришда иштирок этишга мажбур.

32. Доимий комиссия аъзосига доимий комиссия томонидан кўриб чиқилаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш учун шароит яратиб берилади, унга зарур ҳужжатлар ёки бошқа материаллар олдиндан юборилади. Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби тўғрисида камида бир кун олдин хабардор қилинади. 

Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия томонидан жойларда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалаларни ҳоким – маҳаллий Кенгаш раҳбари, доимий комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан ўрганади, ушбу масала юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролардан келган таклифларни умумлаштиради, уларни доимий комиссия мажлисида муҳокама қилади ва таклифлар киритади.

33. Бир нечта доимий комиссияларга тааллуқли масалалар доимий комиссиялар томонидан биргаликда тайёрланиши ва кўриб чиқилиши мумкин.

Доимий комиссияларнинг қўшма мажлисларини доимий комиссиялар раислари ўзаро келишув асосида олиб борадилар. 

Доимий комиссия ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан бошқа доимий комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин. 

Бошқа доимий комиссияларнинг илтимосига биноан доимий комиссия ўзига тааллуқли масалалар бўйича ушбу доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларни тайёрлашда иштирок этиши мумкин.

34. Айни бир масала бўйича доимий комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Агар муросага келинмаса, ушбу масалани тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади.

35. Доимий комиссияларда барча масалалар доимий комиссия аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан ҳал этилади. 

Бир нечта доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари ўтказилганда қарор ҳар бир доимий комиссияда кворум мавжуд бўлган ҳолда мажлисда қатнашаётган доимий комиссиялар аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. 

36. Доимий комиссиялар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлар қабул қилади ёки маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳалари бўйича ўзларига тааллуқли масалалар юзасидан хулосалар беради. 

37. Доимий комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баённомалари доимий комиссия раиси томонидан имзоланади.

Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қўшма қарорлар, улар томонидан биргаликда тайёрланган хулосалар, шунингдек қўшма мажлисларнинг баённомалари уларнинг раислари томонидан имзоланади.

38. Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар тегишли давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва манфаатдор шахсларга юборилади. 

39. Доимий комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга нисбатан қабул қилинган бўлса, улар томонидан кўриб чиқилиши шарт. 

Доимий комиссия қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида доимий комиссияларга бир ой муддатда хабар қилиниши лозим. Доимий комиссиялар қарорларини кўриб чиқиш якунлари доимий комиссиялар мажлисларида, зарур ҳолларда эса сессияларда кўриб чиқилади. Заруратга қараб, доимий комиссия мажлисида унинг қарори ижро этилиши муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. 

40. Доимий комиссия қарорлари бажарилишининг бориши юзасидан назорат доимий комиссия раиси ёки қарорда кўрсатилган доимий комиссия аъзоси томонидан амалга оширилади. 

 

                                                                                                                             IV боб. Доимий комиссияларнинг ваколатлари

 

41. Доимий комиссиялар сессиялар кун тартибига доир таклифларни шакллантиришда иштирок этадилар. 

42. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, ёзма хулосалар, ҳисобот маълумотлари ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақли.

43. Доимий комиссиялар ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиши ҳамда уларнинг маҳаллий Кенгаш қарорлари ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини (ахборотини) тинглаш ҳуқуқига эга.

Доимий комиссиялар тегишли органлар ва ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.

44. Доимий комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан маҳаллий Кенгашга ўз қарорлари ёки хулосаларини тақдим этадилар. 

45. Маҳаллий Кенгашнинг топшириғига биноан, доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш депутатлари билдирган таклифлар, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.

46. Доимий комиссия раиси: 

зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, доимий комиссия мажлисини чақиради, мажлис ҳақида доимий комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчиларни хабардор қилади; 

доимий комиссия мажлисларида раислик қилади;

доимий комиссиянинг иш режаси лойиҳасининг тайёрланишини ташкил этади; 

доимий комиссия аъзолари, шу жумладан, доимий комиссия раиси ўринбосари ва доимий комиссия котиби ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтиради;

доимий комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга доимий комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;

доимий комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларнинг ишида қатнашиш, шунингдек доимий комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф қилади; 

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини, мутахассислар ва олимларни доимий комиссия ишида иштирок этиш учун таклиф қилади;

сессияларда, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бўладиган муносабатларда доимий комиссия номидан вакиллик қилади; 

доимий комиссия фаолияти тўғрисида ярим йиллик ва йиллик ҳисобот тайёрлайди ва сессияда ҳисобот беради;

доимий комиссия қарорларининг ижро этилиши юзасидан ишларни ташкил этади;

маҳаллий Кенгашга, ҳокимга – маҳаллий Кенгаш раҳбарига уларнинг топшириқлари бажарилиши юзасидан ахборот беради;

доимий комиссия аъзоларини улар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилганлиги ва тавсиялари кўриб чиқилганлиги тўғрисида хабардор қилади;

бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда ишлар олиб борилишини ташкил қилади;

доимий комиссия мажлиси қарорлари, хулосалари ва баённомаларини имзолайди;

ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.

47. Доимий комиссия раиси ўринбосари доимий комиссия раисининг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради, доимий комиссия раиси йўқлигида ёки унинг ўз вазифаларини амалга оширишга имкони бўлмаган ҳолларда раис вазифасини бажаради.

48. Доимий комиссия котиби:

доимий комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;

доимий комиссия иш режасининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади; 

доимий комиссия иш юритуви учун жавоб беради, маҳаллий Кенгаш котибиятига ҳужжатларни сақлаш учун ўрнатилган тартибда топширади;

доимий комиссия мажлиси баённомасини юритади ва уни имзолайди;

доимий комиссия фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.

 

                                                                                                                                               V боб. Якунловчи қоидалар

 

49. Доимий комиссиялар фаолиятини ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан таъминланади. 

50. Тегишли маҳаллий Кенгаш котибияти доимий комиссияларни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек доимий комиссиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

51. Доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар сессияда маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

 

* Мазкур Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 
2018 йил 25 майдаги КҚ-354–III-сонли Қарори билан ўзгартиш 
ва қўшимчалар киритилган.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 
2019 йил 18 июндаги КҚ-550–III-сонли Қарори билан ўзгартишлар киритилган.

 3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 
2021 йил 31 июлдаги СҚ-360–IV-сонли Қарори билан ўзгартиш