Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Котибияти тўғрисида муваққат

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

 

1. Ушбу Низом Тошкент шаҳридаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан яхшилаш, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишда уларнинг ролини ошириш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқхалқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши Котибияти (кейинги ўринларда Кенгаш Котибияти деб юритилади) вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Кенгаш Котибияти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

3. Кенгаш Котибияти давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

4. Кенгаш Котибияти Ўзбекистон Республикаси герби тасвири тасвирланган муҳр, штамп ва бланкага эга бўлади.

5. Кенгаш Котибияти 5 нафар ходим (1 нафар депутат ва 4 нафар бош мутахассис)дан иборат бўлади ва ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.

6. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) аъзолари орасидан Котибият мудири сайланади ва у Кенгаш Котибиятига раҳбарлик қилади.

7. Кенгаш Котибиятининг моддий-техник таъминоти Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. 

8. Кенгаш Котибияти ўз фаолиятини Кенгаш раиси раҳбарлигида амалга оширади. 

 

II. Кенгаш Котибиятининг хизмат вазифалари ва функциялари

 

 

9. Қуйидагилар Кенгаш Котибиятининг хизмат вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

Кенгаш фаолиятини Кенгаш раиси билан ҳамкорликда ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий таъминлайди;

Кенгашда ўтказилиши мўлжалланаётган тадбирлар режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, Кенгаш раисининг топшириғига биноан ва комиссияларнинг таклифлари асосида сессия кун тартиби лойиҳасини шакллантиради ҳамда ушбу ҳужжатларни Кенгаш раисига кўриб чиқиш учун киритади;

Кенгашга келиб тушадиган ва Кенгашдан жўнатиладиган хат-ҳужжатларнинг ҳисобини юритади;

келиб тушган ҳужжатлар асосида таҳлилий ва ахборот-маълумотномалар ҳамда бошқа материалларни тайёрлайди;

Кенгаш раиси ва депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкилэтади ҳамда мурожаатларнинг ҳисобини юритади ва уларнинг ижросини назорат қилади;

Кенгаш раисининг топшириқлари ижросининг бажарилиши устидан назорат олиб боради;

Кенгаш фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тезкор тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Кенгашнинг расмий веб-саҳифасида чоп этилишини ташкил этади;

Кенгаш ва унинг комиссиялари муҳокамасига киритиладиган масалалар юзасидан материаллар ва таклифлар тайёрланишига кўмаклашади;

Кенгаш раиси топшириғига биноан Кенгаш ваколатига тааллуқли ҳуқуқий масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;

Кенгаш ва унинг доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига, шунингдек юридик техник талабларга мувофиқлигини дастлабки тарзда кўриб чиқади, мазкур ҳужжатларнинг сифатини ошириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг Кенгаш муҳокамасига киритилишидан олдин Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилади;

Кенгашнинг доимий комиссияларига назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш бўйича ташкилий, услубий, ахборот ва маслаҳат йўсинидаги хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

Кенгашнинг доимий комиссиялари томонидан семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилиши ҳамда ўтказилишига кўмаклашади ва оммавий ахборот воситалари иштирокини таъминлайди;

Кенгашнинг сессиялари ишига ва депутатларига ташкилий ва ахборот йўсинидаги хизмат кўрсатилишини ҳамда Кенгашнинг сессиялар материаллари лойиҳаларининг Кенгаш депутатларига етказилишини таъминлайди;

Кенгаш депутатларига ўз ваколатларини амалга оширишларида кўмаклашади ҳамда уларни тегишли ҳуқуқий-ахборот материаллари билан таъминлайди;

Кенгашга юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан олиб бориладиган ишларни ташкиллаштиради, мурожаатларнинг ҳисобини юритади ҳамда рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди, шунингдек, уларни тегишли давлат органларига ва бошқа идораларга юборади, мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назоратга олади;

Кенгаш раисининг топшириқларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

III. Кенгаш Котибиятининг тузилмаси

 

 

10.      Кенгаш Котибияти бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 
5 нафардан иборат – депутатлар орасидан сайланган Котибият мудири ва 4 та бош мутахассис.

11.      Кенгаш Котибияти ўз фаолиятида Кенгашга бўйсунади ва унинг қарорига асосан сайланади.

Кенгаш Котибияти бошқарув ходимлари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади,  тегишли қарори Кенгаш сессиясида тасдиқланади.

 

 

 

IV. Кенгаш Котибияти фаолиятини ташкил этиш

 

 

12. Кенгаш Котибиятининг ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг ва улар қўмиталари, комиссияларининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ва Кенгашнинг ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

V. Кенгаш Котибиятининг мудири

 

 

13. Кенгаш Котибиятининг мудири:

Кенгаш Котибиятига бевосита раҳбарлик қилади, Кенгаш Котибияти мутахассисларининг ишларини ташкил қилади ҳамда мазкур Низомда белгиланган ва юкланган хизмат вазифалари ҳамда функцияларининг бажарилиши юзасидан шахсан жавоб беради;

киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади, уларнинг якуний тарзда ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди;

тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

тасдиқланган тузилмага ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, мутахассисларнинг касбий даражасини ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларга жазо чоралари кўриш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва киритади;

Кенгаш Котибияти мутахассислари ўртасида вазифалар тақсимотини, шунингдек Кенгаш Котибиятининг иш режалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлашга киритади, Кенгаш Котибияти мутахассисларининг иш режаларини тасдиқлайди;

Кенгаш раиси томонидан ўтказиладиган йиғилишлар, доимий комиссиялар мажлислари, шунингдек Кенгаш Котибиятининг иш юритиш соҳасига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган бошқа йиғилишларни ташкиллаштиради ва уларда иштирок этади;

иш юритишни белгиланган тартибда олиб боришни таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.

 

VI. Кенгаш Котибиятининг бош мутахассислари

 

 

14. Кенгаш Котибиятининг бош мутахассислари:

бевосита Кенгаш Котибияти мудирининг раҳбарлигида иш олиб боради;

функционал вазифаларга мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилиши, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши ҳамда функционал вазифаларга мувофиқ топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар бўйича таҳлилий материалларни ва эксперт таклифларини тайёрлайди, шунингдек уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Кенгаш Котибияти мудирига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий
чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;

Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва улар қўмиталари, комиссияларининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек Кенгаш қарорларининг бажарилишини таҳлил қилади; 

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгиланишини ташкил этади; 

Кенгаш томонидан ўтказиладиган мажлисларда, ўзига бириктирилган масалалар бўйича доимий комиссиялар мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади;

сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари томонидан Кенгаш сессияларига киритиладиган масалаларни Кенгаш Котибияти мудирига киритиб боради;

Кенгаш доимий комиссиялари йиғилишларини ташкиллаштиради;

Мазкур Низомга ва хизмат вазифаларига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.

 

VII. Якунловчи қоидалар

 

15. Кенгаш Котибияти Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси билан ҳамкорлигини ташкилий ва услубий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш учун мазкур комиссиянинг Кенгаш ҳузуридаги ишчи гуруҳига бевосита ёрдам кўрсатади.

16. Мазкур Низомни тасдиқлаш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар сессияда Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

17. Ушбу Низом қоидаларини бузиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.