Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг иккинчи сессияси бўлиб ўтмоқда

Дастлаб "Тошкент шаҳри ҳудудидаги олий таълим муассасаларида 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва 2020 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида"ги масала кўриб чиқилди.

Мазкур масала юзасидан пойтахтимиздаги 4 та олий таълим даргоҳининг ректорлари депутатлар эътиборига ўз таълим муассасасининг салоҳияти, ютуқлари ва олдиларида турган долзарб вазифалар бўйича ҳисобот бердилар.

Депутатлар ушбу масалани муҳокама этиш давомида асосий эътиборни камчиликларга қаратдилар. Олий таълим даргоҳлари илмий салоҳиятни янада ривожлантириш ва дунё таълим муассасалари орасида рейтингни кўтариш имкониятидан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги айтиб ўтилди. Хориждан талабаларни тобора кўпроқ жалб этиш, муносиб таълим шароитларини яратиш, шунингдек, вилоятлар ва чет элдан келувчи талабаларга зарур яшаш шароитини яратиш масаласи бўйича ҳам таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, сессияда "Пойтахт ҳудудида 2019 йилда қонунийлик ҳолати ва жиноятчилик аҳволи юзасидан Тошкент шаҳар прокурорининг ҳисоботи тўғрисида" ги, "Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг Тошкент шаҳрида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида 2019 йил якунлари бўйича ҳисоботи тўғрисида"ги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор лойиҳалари маъқулланди.

Шу билан бирга "Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек, Олмазор, Шайхонтоҳур ва Яшнобод туманларидаги ички ишлар бўлими бошлиқлари лавозимига номзодларни тасдиқлаш тўғрисида"ги масала муҳокама этилди.

2019 йил якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадларини бажарилиши ва солиқ тушумларини таъминланиши юзасидан Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тингланди.

 

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг иккинчи сессиясида жами 10 та масала кўриб чиқилди.

Депутатлар “Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Тошкент шаҳрини янада ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган таклифларини кўриб чиқиш тўғрисида”ги масалани муҳокама этиш жараёнида таклиф этилган барча лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш зарурлигини билдириб, бу борада аниқ таклиф ва тавсияларни бердилар.

Сессия давомида “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2020 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти мудирини сайлаш тўғрисида”ги, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, депутатлар “Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2020 йилдаги қўшимча маблағларини харажатларга йўналтириш ҳақида”ги масалани атрофлича кўриб чиқдилар ва тегишли қарорларни маъқулладилар.

2019 йил давомида Тошкент шаҳрида жиноятчилик 6 фоизга камайган. Айни пайтда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда нималар муҳим?

Ушбу мавзу ҳам халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг олтинчи чақириқ иккинчи сессиясида атрофлича муҳокама этилди.