Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

 

Бугун пойтахт ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтмоқда.

Регламентга кўра сессияда Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ сиёсий партиялардан сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатга олингани ҳақида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Шунингдек, йиғилишда “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссияларини тузиш ва шахсий таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу борада тасдиқланган қарорга мувофиқ, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 7 та доимий комиссиялари тузилди.

Улар:

1) Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

2) Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича;

3) Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича;

4) Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича;

5) Коммунал хўжалик ва экология масалалари бўйича;

6) Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича;

7) Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича.

Сессиянинг кун тартибидаги Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига Артикходжаев Жаҳонгир Абидовични тасдиқлаш кўриб чиқилди.

Сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига 48-Тинчлик сайлов округидан сайланган депутат Артикходжаев Жаҳонгир Абидовичнинг номзодини Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимномани ўқиб эшиттирди.“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор бир овоздан маъқулланди.Регламентга мувофиқ, сессияда “Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари Қўшма мажлиси Маслаҳат Кенгаши аьзолигига номзодни тавсия этиш тўғрисида”ги масала ҳам кўриб чиқилди ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарори билан таклиф этилган номзодлар тасдиқланди.

Сессиянинг йиғилишда кўриб чиқилган масалалардан бирида “Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2020 йил бошига шаклланган қўшимча манбаларини харажатларга йўналтириш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳотамбек Шакиров пойтахтимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, халқаро, республика ҳамда шаҳар миқиёсидаги тадбирларни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатларга маблағ йўналтириш юзасидан таклифларини маълум қилди.
Уй-жой қурилиши, ижтимоий объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, коммунал тизимдаги тармоқларни янгилаш ва янгиларини қуриш, шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юзасидан режалаштирилган ишлар борасида маълумот берди.

Хусусан, 2019 йилдаги аэросурат материаллари асосида тайёрланган янги ортофотопланларини қўллаган ҳолда Тошкент шаҳри ҳудудининг 1:2000 масштабли актуал рақамли картографик асосларини тайёрлаш, жорий йилнинг 10 январидан старт олган “Файзли Тошкент” тадбирида жамоатчилик асосида мавсумий ишга ёлланган ишчиларни иш ҳақи билан таъминлаш, “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими жойлашган бинони жорий таъмирлаш ва бошқа шу каби лойиҳалар харажатларига тўхталиб ўтди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари бу борадаги қарор юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва қарор депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

123