Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг эллик учинчи сессияси: “Халқ назорати”нинг амалий натижалари

Сессия кун тартибига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан пойтахт ҳокимининг ўринбосари – Шоҳруҳ Раҳимжоновнинг ҳисоботи эшитилди.

Берилган маълумотларга кўра, пойтахтимиздаги 311 та кўп қаватли уйларнинг 417 минг кв.метр том қисми, 1 368 та уйнинг ертўласи жорий ва мукаммал таъмирланди. 418 та уйнинг 43 минг п.м. иссиқлик қувурлари янгиланди, 1 414 та уйнинг умумий 3 668 та йўлаклари таъмирдан чиқарилди.

Шунингдек, тегишли коммунал ташкилотлар томонидан 5 та қозонхона, 124 та газ тақсимлаш пунктлари, 680 та оқова сув тармоқлари, 651 электр устунлар мукаммал таъмирланди ва янгиланди.

Тошкент шаҳрида уй-жой коммунал хизматлари ишини янада такомиллаштириш мақсадида 285 та махсус техникалар харид қилинди. Маълумот учун, 2021 йилгача беш йил мобайнида бу кўрсаткич 17 тани ташкил қилган.

Шунингдек, Ш.Раҳимжонов 2021 йилда ишга туширилган “Халқ назорати” портали орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, йил давомида портал орқали 3 491 та мурожаат тушган бўлиб, улардан 2 583 тасининг ижроси таъминланган. Қолган мурожаатлар эса тегишлилиги бўйича масъул ташкилотлар томонидан ижро этилмоқда. Портал ишга туширилиши натижасида фуқаролар бевосита қўл телефони ёки планшет орқали, ортиқча қоғозбозликларсиз мурожаат қилишлари, ижрочилар билан чат орқали мулоқот қилишлари имкони пайдо бўлди.