Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қирқ саккизинчи сессияси: пойтахтда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш

Cессияда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар раҳбарларининг қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқ-тартибот йўналишида олиб борилаётган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Хусусан, депутатларга шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Икром Наримов, Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Жўраев, шаҳар Суди раиси Эркин Хўжақулов, шаҳар Маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедовлар ҳисобот беришди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш борасида мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда кенг қамровли профилактик чора-тадбирлар амалга оширилди. Бироқ шунга қарамасдан қонунбузилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Хусусан, фирибгарлик жиноятлари ортяпти. Жумладан, ўтган даврда 11 196 та жиноят содир этилди. Уларнинг 4 318 таси фош этилди.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир туманда “жиноят ўчоғи”га айланган оғир маҳаллалар танлаб олиниб, қўшимча куч ва воситалар ажратилди. Шунингдек, профилактика инспекторларининг 1 143 дона электрон планшетларига “Е-маъмурий иш” мобил иловаси ўрнатилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритш электрон тартибга ўтказилди ва онлайн судлар йўлга қўйилди.

Судларга юридик ва жисмоний шахслардан жами 9 166 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 055 тага кўп. Виртуал ва халқ қабулхоналари томонидан юборилган 4.189 та мурожаатлардан 4.050 таси кўриб чиқилиб, муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.
Умуман судлар томонидан ишларни қўриш вақтида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 142 та хусусий ажрим ва тақдимномалар киритилиб, уларнинг ижроси назоратга олинган.

Сессия тафсилотларига кейинги материалларимизда ҳам тўхталамиз.