Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессияси: барча хонадонларда замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатилади

 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қирқ тўққизинчи сессиясида “Hududgaz Poytaxt” газ таъминоти филиали директори Рустам Азимов табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, бугунги кунда кўп қаватли хонадонларга ва уй-жойларга замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатиш тадбирлари давом этмоқда. Президентнинг 2020 йил 24 сентябрдаги қарорига кўра, 2020-2021 йиллар давомида пойтахтимиздаги жами аҳоли истеъмолчиларига 616 799 дона замонавий газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Уларнинг 438 512 донаси кўп қаватли хонадонларга, 178287 донаси эса ерли хонадонларга мўлжалланган. Бунинг учун “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан 182 та пайвандчилар гуруҳи жалб қилинган. Умуман, жами истеъмолчиларни 2022 йилнинг 31 январига қадар замонавий газ ҳисоблагичлар билан таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, сессияда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шароф Шакаров жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 669867 та хонадон, ташкилот ва корхоналар ветеринария-санитария кўригидан ўтказилиб, улардаги йирик ва майда шохли моллар, йилқилар, паррандалар, ит ва мушуклар рўйхатга олинди. Шаҳар ҳудудига ўта хавфли ва юқумли касалликлар кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча жониворлар ва уй ҳайвонлари клиник кўрикдан ўтказилиб, юқумли касалликларга қарши эмланди. Жумладан, 11150 бош қорамол оқсил (яшур)га, 7410 бош қорамол ва 8672 бош майда шохли мол куйдиргига, 57840 ит ва мушуклар қутуришга, 65000 бош паррандалар ўлат (чума)га қарши эмланди. Шу билан бирга ўн минглаб йирик ва майда шохли моллар, спорт отлари бруцеллёз касаллигини аниқлаш мақсадида серологик текширилди.

Шунингдек, сессияда экология ва атроф-муҳит, ёшлар масалалари, тиббий-меҳнат комиссияси ва бошқа бир қатор соҳалар бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари қизғин муҳокама этилди.
Сессияда кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.