Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди.

14 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг учинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда пойтахтимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги муҳим масалаларни ҳал этишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Дастлаб депутатлар Тошкент шаҳрида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг 2019 йилнинг якуни бўйича амалга оширилган ишлари билан танишдилар. Шунингдек, бу йўналишда жорий йилга мўлжалланган режаларга эътибор қаратдилар. Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмоновнинг маълум қилишича, 2020 йилда умумий қиймати 2,8 млрд.доллар бўлган 618 та ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилган.

Шароф Раҳмонов амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар бўйича маълумот берар экан, Яккасарой тумани, Бобур ва Қушбеги кўчалари оралиғидаги “Яккасарой кичик саноат зонаси” жойлашган ҳудудда замонавий бизнес марказлари, меҳмонхоналар, йирик кўргазма марказлари, савдо ва хизмат кўрсатиш биноларини жамлаган лойиҳа юзасидан ҳам маълумот бериб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилиб, омбудсман фаолиятини ривожлантириш ҳамда иш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, йиғилишда норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг ахбороти кўриб чиқилди. Бунда депупталар қонун ости ҳужжатларининг ижроси юзасидан муҳим жиҳатларга эътибор қаратишди ва билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар асосида тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда Тошкент шаҳридаги Учтепа ва Юнусобод туманларидаги Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига номзодларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди ва таклиф этилган номзодлар маъқулланди.

Энди сессия кун тартибида депутатларнинг ўз сайлов округини ўрганиб, аниқлаган муаммолари ва уларнинг ечимлари ҳам алоҳида кўриб чиқилади. Шунга мувофиқ, ушбу йиғилишда 45-Қоратош, 21-Қорасарой ҳамда 6-Чўпонота округларидан сайланган депутатларнинг ҳисоботлари муҳокама этилди.