Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси

Таълим-тарбия ва илм-фанни янада ривожлантириш масаласи Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши эътиборида

 

 

Бугун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди.  

Сессияда дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳасига берилган таклифлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

 

Депутатлар таълим-тарбиядаги самарадорликни оширишга қаратилган режалар муҳокамаси давомида 2024/2025 ўқув йилига қадар фаолияти давомида юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маошини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич ошириб бориш адолатли бўлишини қайд этдилар.

Шунингдек, бу борада яна қатор таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

 

Сессияда Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг 2020 йилдаги қўшимча манбаларини харажатларга йўналтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Бу бўйича сўзга чиққан маърузачи шаҳримиздаги йўллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Махсус автоматлаштирилган фото ва видеофиксация тизимини ишга тушуриш учун 1,1 млрд сўм маблағ талаб этилаётганлигини қайд этиб, маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан мазкур лойиҳани молиялаштиришни сўради.

Шу билан бирга йиғилишда Тошкент шаҳар футбол Ассоциациясининг қўллаб-қувватлаш учун қўшимча молиялаштиришга эҳтиёж борлиги маълум қилинди.