Маҳаллий бюджетда 2020 йил мобайнида қўшимча манбаларнинг шакллантирилиши ва сарфланиши бўйича ўрганишлар олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ишчи гуруҳи бир ҳафта давомида Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Олмазор, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Юнусобод туманларида “маҳаллабай” ишлаш тизимини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оила муносабатларини яхшилаш масалалари, шунингдек, маҳаллий бюджетда 2020 йил мобайнида қўшимча манбаларнинг шакллантирилиши ва сарфланиши бўйича ўрганишлар олиб борди.

Ўрганиш якунлари бўйича 2021 йил 31 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.

Тадбирда Олий Мажлиси Сенати Раиси Т. Нарбаева иштирок этди.

Қайд этилганидек, Тошкент шаҳрида 2020 йил якуни бўйича 32 023 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланган, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 61 та лойиҳага жами 2,1 млрд сўмлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бошқа дастурлар доирасида 1528 та лойиҳага 96,8 млрд сўмлик кредитлар ажратилган. Ўтган йилда маҳаллий бюджет даромадлари прогнози режаси 104,8 фоизга бажарилган.

Шунингдек мутасаддилар томонидан, оилаларни сақлаб қолиш мақсадида кўрилган чоралар натижасида ўтган йилда ажримлар сони 16 фоизга (2020 йилда 3894 та, 2019 йилда – 4530 та) камайган.

Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга ушбу худудларда камчиликларга йўл қўйилгани ҳам қайд этилди.  

Жойларда “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги сабабли кўп ҳолларда мутасадди идора ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йуқлиги маълум бўлди. Хусусан, секторлар масъуллари хонадонма-хонадон юриб, жойлардаги ҳолатни ўрганиб, муаммоларни аниқлаган бўлсада, уларни ҳал этиш бўйича ҳамкорликда амалий чоралар кўрилмаган.

Ўрганиш давомида аёлларга манзилли ёрдам кўрсатиш тартиби бўйича аҳолининг ва тегишли маъсулларнинг хабардорлиги қониқарсиз аҳволда. Ёрдамга муҳтож хотин-қизлар “Аёллар дафтарига” киритилиши ва чиқарилиши тартиби бўйича ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Йиғилишда оналар ва болалар ўлими ҳолатлари, жиноятчилик даражаси кўрсаткичлари ўсганлиги, турли дастурлар асосида ажратилиши режалаштирилган кредит маблағлари айрим ҳолларда ажратилмаган.

Бундан ташқари, аҳолининг бандлигини таъминлашда фуқароларни ишга жойлашиш кўрсаткичлари пастлиги аниқланди. Бандлик бошқармаси томонидан ишсизлар учун таклиф этилган вакансия (жами 21,1 минг вакант иш жойлари) тўғрисида аҳоли етарлича хабардор эмас, маҳаллаларда ишсиз аҳолини вакант иш бўйича хабардор қилиш ишлари олиб борилмаган, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ва бандлик бошқармалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмаган.

Йиғилишда мутасаддиларга йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсия ҳамда кўрсатмалар берилди.