Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг “2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва 2022 йилга режалар тўғрисида” МУРОЖААТИ__________________________________________________________________________3


Ҳурматли депутатлар ва йиғилиш иштирокчилари!

Энди рухсатингиз билан 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга тўхталадиган бўлсак.

Бу борада асосий макроиқтисодий кўрсаткичкичларнинг прогнозлари қуйидагича кўзда тутиляпти:

Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми – 120 трлн сўм, ўсиш суръати – 107,5 фоиз, аҳоли жон бошига эса 41,5 млн сўм;

саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 89,8 трлн сўм, ўсиш 106,3 фоиз, аҳоли жон бошига эса 31,1 млн сўм;

пудрат – қурилиш ишлари – 29,2 трлн сўм, ўсиш – 107,7 фоиз, аҳоли жон бошига эса 10,1 млн сўм;

хизматлар ҳажми – 125,4 трлн сўм, ўсиш 130,1 фоиз, аҳоли жон бошига эса 43,4 млн сўмга етказилиши режалаштирилмоқда.

 

Маҳаллийлаштириш дастурига кўра, импорт ҳажми таҳлили асосида қўшимча 618,5 млрд сўмлик, 60 та янги лойиҳалар шакллантирилди.

Лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида қарийб 57 млн доллар миқдорида импорт ўрнини босишга эришилади ҳамда 7 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади, жами 1 мингта янги иш ўринлари яратилади.

 

Инвестиция йўналишида 2022 йилда 520 та янги лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, уларни йил охиригача ишга тушириш ва 23,8 минг та иш ўрни яратиш кутилмоқда.

 

2022 йилда 1,15 млрд долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши режалаштирилди. Шундан 1,1 млрд доллари саноат маҳсулотлари
ва 32,5 млн доллари мева-сабзавот маҳсулотлари.

Яратиб берилаётган имкониятлар асосида аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш ва улар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш орқали шаҳарда жами 16 минг дан зиёд янги кичик бизнес субъектларини ташкил этишни режалаштирдик.

2022 йилда маҳаллий бюджет даромадларига 6 трлн 44 млрд сўм маблағ келиб тушиши кутиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижроси доирасида ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш инвестиция дастури, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишдаги янги йирик ва кичик лойиҳаларни ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш ҳисобидан 58 минг та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилди.

Бундан ташқари, Ҳурматли Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ, Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, пойтахтнинг туризм салоҳиятини янда ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, 600 мингдан зиёд янги иши ўринлари яратиш борасида, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда алоҳида дастур ишлаб чиқиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Қурилиш соҳасида келгуси 2022 йилда бир қатор йирик объектларни топшириш режалаштирилган.

Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбек миллий академик драма театри ва Ўзбекистон давлат санъат музе йини ўз ичига олган янги, улкан мажмуа – Маънавият шаҳарчаси шулар жумласидан.

Ислом цивилизация маркази қурилиш ишлари давом эттирилади. Спорт мусобақалари бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларини ўтказиш мақсадида Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб “Олимпия шаҳарчаси”ни бунёд этиш юзасидан қурилиш ишлари бошланади.

Геология фанлари университетидаги қурилиш лойиҳасининг иккинчи босқичида лаборатория, Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, геология фонди ва спорт мажмуаси қурилади.

Тошкент шаҳрида 12 та “яшил зона”лар ва хиёбонлар ҳамда 25 та аллеялар ташкил этилади.

Дастурга мувофиқ, 2022 йилда 7 та каналларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш, шунигдек, мавжуд гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳамда сув ресурсларини такомиллаштириш ишлари амалга оширилади

Транспорт инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида “Қўйлиқ” бозори бекатидан бошлаб
2 - босқич ер усти метро йўналиши қурилиши
ва Кичик ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган
2 – босқич йўл қурилиши каби бир қатор объектларда қурилиш ишлари давом эттирилади.

Шунингдек, "Ислом Каримов” номидаги Тошкент аэропортини Бобур кўчаси билан боғлаб турувчи йўл ўтказгич қайтадан қурилади. Фарғона йўли кўчасидан Тошкент халқа автомобиль йўли кўчасига тушиш учун қўшимча йўл ўтказгич қурилади.

Чўпон ота кўчасидан Қипчоқ кўчасига янги йўл ва қўшимча 3 та йўл ўтказгич қурилиш ишларини
2-босқичини якунлашни режалаштирганмиз. 279 км марказий ва ички йўллар таъмирланади.

Аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш, замонавий, энергатежамкор қурилган, сифатли уй-жойларга бўлган талабни қондириш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади.

Уларда 1 минг 536 хонадонли 24 та кўп қаватли уйлар, 3 та ижтимоий соҳа объектлари қурилади.

Шу билан бирга, “Обод маҳалла” дастури доирасида 24 та маҳаллаларда 582,6 млрд сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб,
96,8 минг аҳолининг яшаш шароитлари яхшиланади.

Коммунал соҳа бўйича 2022 йилда ичимлик суви таъминотида 50,3 км тармоқлар реконструкция қилинади ҳамда 40 км оқава сув тармоғини янги қуриш ва 2,2 км реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

Бундан ташқари, ичимлик сувини етказиб беришда талаб этиладиган босимларни таъминлаш мақсадида 8 та насос агрегатларни янгисига алмаштирилади ва 22 таси мукаммал таъмирланади.

2022 йилда аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида жами 873,4 км электр тармоқларида, шундан 53,7 км янги қуриш ва 819,7 км реконструкция ишлари амалга оширилади.

225 та трансформатор пунктлари,
3 та подстанциялар янгидан қурилади ҳамда реконструкция қилинади. Ушбу бажариладиган ишларга таҳминан 116,5 млрд сўм жалб этилади.

Шунигдек, 11,8 км эскирган табиий газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш, 5,4 км қувурларни ва 110 дона газ тақсимлаш пунктларини қуриш режалаштирилмоқда.

 

Тошкент шаҳрини рақамли трансформация қилиш бўйича ишларимизни 2022 йилда ҳам давом эттирамиз.

  1. Шаҳар хизматларини бошқариш, барча соҳаларда ўсиш жараёнини назорат қилиш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида сунъий интеллект технологияларини қўллаган ҳолда пойтахтда “Ақлли шаҳар” лойиҳаси амалга оширилади.
  2. 2022 йилдан бошлаб ташқи реклама йўналишида ягона биллинг тизими жорий этилади. Бу билан биз пойтахтнинг реклама бўйича ташқи меъморий қиёфасини шакллантириб, мувофиқлаштириб борамиз.
  3. Атмосфера ҳавоси ва унинг таркибини автоматик мониторинг қилиш бўйича ҳар бир туманда 1тадан автоматик лаборатория қурилмалари ўрнатилади.
  4. Мирзо Улуғбек туманида барпо этилаётган замонавий “IT-шаҳарча” фойдаланишга топширилади
    ва 2 000та янги иш ўринлари яратилади.
  5. 100дан ортиқАқлли светафор”лар ёрдамида транспорт қатнови, оқими ва тирбандликлар тартибга солинади.
  6. Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари фаолиятини рақамлаштириш, жараёнларга замонавий Ай-Ти технологияларни жорий этиш орқали қоғоз ҳужжатлар билан ишлаш тартибидан босқичма-босқич воз кечамиз.

Ижтимоий соҳаларда ҳам олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттирамиз. Жумладан, Соғлиқни сақлаш тизимига тўхталадиган бўлсак.

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизматини янги сифат даражасига олиб чиқиш мақсадида 2022 йилда йилда 50 та ва кейинчалик яна 100 та тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминланади.

Тез тиббий ёрдам хизматининг 2 та биносини реконструкция қилиш ҳамда Янгиҳаёт туманида 1 та тез тиббий ёрдам биносини янгитдан қуриш ишлари амалга оширилади.

Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонаси ва Перинатал марказлари структуравий бирлаштирилиб, “Тиббиёт кластерлари” ташкил этилади. Ушбу мажмуа 17 та ихтисослаштирилган бўлимлардан ташкил топади.

Мактабгача таълим тизимида 3 - 7 ёшли болалар қамровини 80 фоиздан 90 фоизга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида 7 та янги мактабгача таълим ташкилотлари қуриш, 26 тасини реконструкция қилиш, 8 та Давлат-хусусий шериклик асосида ва 28 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш чоралари кўрилади.

Тошкент шаҳридаги 312 та давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 72 та гурухлари, 312 та тиббиёт хоналари, 2 400 та ёзги айвончалари, 312 та ёзги спорт майдончаларини таъмирлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 3 750 нафар болалар қамраб олинади.

Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой ва Янгиҳаёт туманиларида 1 тадан давлат ташкилотларига тегишли бўш турган ер майдонларини аниқлаш орқали жами
8 та Давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари амалга оширилади.

Халқ таълими тизимида 2022 йил давомида 6 та мактаблар янги қурилади, 44 та мактаблар капитал реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги (Тошкент вилоятидан ўтган) 38-мактабга 660 ўринли қўшимча бино, ошхона, фаоллар зали, спорт зали ва ҳожатхона қуриш ва мавжуд бинони мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади ҳамда Янгиҳаёт туманидаги Баркамол авлод болалар умумтаълим мактаби очилади.

2022 йил якунига қадар 170 та мактабда спорт майдончалари таъмирланади. Учтепа, Олмазор
ва Шайхонтоҳур туманларида жами 44 та ёпиқ турдаги кўп тармоқли "Спорт-соғломлаштириш комплекслари” ҳамда 9 та ёпиқ турдаги "Сузиш ҳавзалари" янгидан қурилади.

Шунингдек, маҳаллаларда 179 та “Workout”, “Скейтбординг”, 34 та стритбол майдончалари, 125 та маҳаллада “баскетбол”, “Стриит вело”, 230 та маҳаллада бадминтон майдончаларини барпо этиш режалаштирилган.

Аҳоли, айниқса ёшлар орасида спортни оммалаштириш бўйича Тошкент шаҳрида 2022 йилда ўтказиладиган “Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари Календарь режаси”ни ишлаб чиқдик. Унга асосан нуфузли мусобақалар ва тадбирлар сонини бу йилга нисбатан 1,5 баробарга ошириш белгиланди.

2022 йилда 50 км пиёда ва велосипед махсус “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади.

Ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар учун янги иш ўринларини ташкил этиш борасида “Келажак касб-хунар мактаблари” барпо этилади. Жумладан, Янгиҳаёт, Сергели, Чилонзор туманларида ушбу мактабларни барпо этиш орқали 12 минг нафар ёшлар бандлиги таъминланади.

Жорий йилда “Аёллар дафтари”даги оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган, боқувчиси йўқ ва ёлғиз оналарга ҳамда қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин қизларга барча турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

Жумладан, уларнинг 29 нафари ижтимоий уй-жой билан таъминланди, 115 нафарига ипотека кредитлари учун бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди, 509 нафар оилалар реаблитация воситалари билан таъминланди.

Шунингдек, 4 608 нафар боқувчиси йўқ ва ёлғиз оналарга, 1 461 нафар қаромоғида ногирон фарзанди бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатилди.

2022 йилда ижтимоий химояга мухтож оилалар ва якка оналарга кўмак бериш ва уларнинг даромадларини ошириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида олиб бораётган ишларимизни давом эттирамиз.

400 нафар отасидан айрилган, ёлғиз отаси ёки онаси қарамоғида вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш;

600 нафар ногирон ва ногирон фарзандларини тарбиялаётган аёлларни реабилитация воситалари билан таъминлаш;

“Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” орқали оилаларга бепул дори-дармон ва жарроҳлик амалиёти учун маблағ ажратиш, хуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;

200 нафар ногиронлиги бўлган оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш ишлари шулар жумласидандир.

Шунингдек, ногирон ва вояга етмаган фарзандлари бўлган ёлғиз оналарни уй шароитида иш билан таъминлаш чораларини кўрамиз. Уларни компьютер саводхонлигини ошириб, электрон тижорат
ва тадбиркорликка ўргатамиз.

Онлайн курслар ташкил этиб, касб-ҳунарга йўналтирамиз. Тикиш-бичиш ва тўқишни биладиган аёлларимизни профессионал тикувчилик асбоб-ускуналари билан таъминлаймиз.

Ҳурматли сессия иштиркочилари!

Яна бир муҳим масала, коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, бу иллатни илдизи билан бартараф этиш бўйича Давлатимиз Раҳбари бошчилигида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПҚ–5177-сон қарорига асосан Тошкент шаҳар ҳокимлигида ҳам коррупцияга карши ички назорат бўлими ташкил этилди.

Коррупция ҳолатларини олдини олиш, унга олиб келадиган сабабларига қарши курашиш бўйича қатор амалий ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, Кадрларни ишга қабул қилиш, бюджет маблағларини мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида ушбу масалалар Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига муҳокамага киритилмоқда.

        Шаффофликни таъминлаш мақсадида тендерларни ўтказиш рақамлаштирилди, шаҳар ва туман ҳокимликлари фаолияти мунтазам равишда ижтимоий тармоқларда ёритилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотларининг Кенгаш депутатлари олдида ҳисобдорлиги йўлга қўйилди.

Келажакда коррупцияга йўл қўймаслик, уларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш мақсадида инсон омилини камайтириш, барча сохаларни рақамлаштириш, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш бўйича ходимлар билан доимий тушунтириш ва тарғибот ишларини жадаллаштирамиз.

Коррупцион характердаги ахборотларни қабул қилиш учун алоҳида ишонч телефонини ташкил этиш, ойига 2 марта шахсий қабул ташкил этиш, коррупцияга қарши кураш бўйича барча оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет тармоқларда тарғибот ишларини кучайтирамиз.

Яна бир муҳим йўналиш аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимли давом эттирилади. Бу йўналишда ишларимиз қуйи тизимгача йўлга қўйилган. Йил давомида Президент халқ қабулхоналари, Бош вазир қабулхоналари, виртуал қабулхона ҳамда электрон порталлардан келиб тушаётган мурожаатларда ўрганилиб, хал этиш чоралари кўриляпти.

Жорий йилда аҳолидан жами 65,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Булардан 27,7 мингта мурожаат ижобий ҳал этилган бўлса, 36,4 мингтасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Қолганлари ижрода.

Шунингдек, йил давомида шаҳар ва туман ҳокимликларида доимий қабуллар ташкил этиляпти. Жойларда шаҳар ва туман сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ҳам тизимли йўлга қўйилган. Ушбу қабулларда бугунги кунгача 2 800 га яқин фуқаролар қабул қилинди.

Ҳабарингиз бор биз ўтган йилда Сизлар билан маслаҳатлашиб, янги тизимни жорий этдик.

Жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тезкорликда бартараф этиш, келгусида уларни олдини олиш мақсадида депутатлар жамғармасини ташкил этиб, шаҳар Кенгаши депутатларига 2 млрд сўм, туман Кенгашлари депутатларига 200 млн сўм, шунингдек, маҳалла раисларига ҳам 50 млн сўмдан маблағ ажратдик.

Маблағлар депутатларимиз томонидан ўзлари сайланган округлардаги аҳоли билан жойида муаммоларни аниқлаб, аҳоли фикри, талаби асосида муаммо ва камчиликаларни бартараф этишга сарфланяпти.

Яратилган бу тизим жуда яхши самара берди десам муболаға бўлмайди. Сабаби ҳудудда истиқомат қиладиган аҳоли ўзи муҳим деб топган муаммо ва камчиликлар тезкорликда бартараф этиляпти. Бажарилган ишларга аҳоли ва депутатларимиз баҳо беришяпти.

Биз келгуси йилда ҳам ушбу тажрибамизни янада такомиллаштириб, давом эттирамиз деган таклифни берсам, ўйлайманки, Сиз депутатлар ҳам буни қўллаб-қувватлайсиз!

Шу билан бирга биз интерактив веб сервис
“Халқ назорати” порталини ишга туширдик. Ушбу порталда аҳоли шаҳар инфраструктурасидаги аниқланган камчиликларни мобил илова орқали ҳокимликка етказади.

Портал тўлиқ ишга тушгандан бери аҳолидан 3 800 та мурожаатлар келган бўлиб, 21 декабрга қадар улардан 3 395 таси ижобий хал этилган, қолганлари иш жараёнида.

Порталнинг афзаллиги бу ерда ҳеч қандай бюрократия тўсиқлари йўқ. Яъни муаммо аниқланди, мобил илова орқали юборилди, тегишли корхоналар муаммони бартараф этиб, натижасини яна шу порталга фотоҳисоботи билан юклайди.

Мурожаатчи эса ўз навбатида бажарилган ишга баҳо беради, яъни мурожаат қаноатлантирилди ёки бажарилган иш тўлиқ эмас деган муносабат билдиради. Мурожаатчи баҳосига қараб ушбу мурожаат назоратдан олинади ёки ижрочига қайтади. Барча мурожаатлар геокодланиб, шаҳар харитасига боғланган
ва доимий назоратда бўлади.

Ишга туширилган ушбу портал ҳозирда Республикамизда ягона бўлиб, бугунги кунда ҳудудлардан тажрибани ўрганиш ва уни жорий қилиш бўйича ҳамкасабаларимиздан мурожаатлар бўляпти.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, Тошкент шаҳрида хизматлар соҳаси жадал ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада Давлатимиз Раҳбари олдимизга қатор долзарб вазифаларни белгилаб берганлар.

Топшириқлар ижросини сифатли таъминлаш ҳамда хизматлар соҳасини пойтахтимизда асосий драйверга айлантириш мақсадида 300 нафар ёшларни Франция ва Швейцария давлатларида ушбу соҳада ўқитиб, малакасини оширишга жўнатиш чораларини кўрамиз.

Ёшларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳурматли Президентимиз ташаббусларига асосан “Янги Ўзбекистон” боғи атрофида “Заковат” клубининг биноси ҳамда “Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси” барпо этилади.

Шаҳарчада “Дунё ёшлари пойтахти - Тошкент” номли замонавий саёҳат, спорт, IT, мода, кино, санъат, фестиваллари ташкил этилади.

Бундан ташқари замонавий куну-тун фаолият олиб борадиган “Учинчи ренессанс авлодлари” номли кутубхона барпо этилади.

Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари!

Бугун сизлар билан 2021 йилда амалга оширилган ишлар натижаси ҳамда келгуси 2022 йилда олдимизга белгилаб олган режа ва вазифаларга қисқача тўхталдик.

Яна бир муҳим масалага, яъни, Давлатимиз Раҳбарининг сайловолди учрашувидаги нутқларида кўтарилган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Таҳлилларга кўра, 2026 йилга бориб, пойтахт аҳолиси 3,2 миллион нафардан ортиши кутилмоқда. Шу билан бирга, яна ярим миллиондан зиёд одам кунига шаҳарга келиб кетади.

Бу ўз навбатида, шаҳар инфратузилмаси, таълим, тиббиёт, жамоат транспорти, уй-жой коммунал
ва бошқа барча соҳаларга юкламани анча оширади.

Шуларни инобатга олиб, Ҳурматли Президентимиз ўз нутқида келгуси беш йилда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар.

Жумладан, келгуси беш йилда:

- “Тошкент яшаш учун қулай яшил шаҳар”; 

- “Бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри”;

- “Минтақавий инвестициялар маркази”;

- “Рақамли пойтахт”;

- “Билим ва инновациялар шаҳри”;

- “Пойтахт – маданият ва маърифат булоғи”;

- “Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт” дастурларини амалга ошириш бўйича режаларни ва аниқ йўналишларни олдимизга вазифа қилиб қўйдилар.

Барчаси “Инсон қадри учун” деган тамойилга асосланган бу дастурларни биз сизлар билан ҳамжихатликда, бамаслаҳат ишлаб чиқиб, амалга оширамиз.

Жумладан, ҳозирги кунда биз Вазирлар Маҳкамасининг раҳбарлиги остида Тошкент шаҳрини 2022 - 2026 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури устида ишлаяпмиз.

 

Ҳурматли депутатлар, йиғилиш иштирокчилари,

Бугунги Мурожаатномада айтилган, келгуси йил учун белгиланган режаларни Сизнинг кўмагингиз билан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига ишонаман.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек, олиб борилаётган барча ислоҳотлар, амалга оширилаётган барча ишлар фақат биргина тамойил “Инсон қадри учун” бўлиши керак.

2021 йилда эришилган натижалар, йўл қўйилган хато
ва камчиликлардан келгусида хулоса қилиб ҳамда 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган иқтисодий - ижтимоий дастурларнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалар ижросини таъминлашда ҳар биримиз ўз ишимизга сидқидилдан, масъулият билан ёндошиб, олдимизга қўйилган мақсадларга албатта биргаликда эришамиз деган умиддаман.

 Ҳурматли депутатлар ва сессия иштирокчилари,

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган
Янги 2022 йил билан ўз номимдан ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан чин қалбдан табриклайман.

Янги йил Сизларга омад ва зафарлар, ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга қут-барака, тинчлик-тотувлик, бахт саодат олиб келсин!

Эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқсин!

Саломат бўлинглар!

Эътиборингиз учун раҳмат!