Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг“2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларива 2022 йилга режалар тўғрисида”МУРОЖААТИ

Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаевнинг
“2021 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари
ва 2022 йилга режалар тўғрисида”
МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар,

йиғилиш иштирокчилари!

Барча соҳаларда ислоҳотларга бой бўлган яна бир йил, 2021 йилни якунлаб, улкан режалар ва юксак марралар сари интилиб, янги 2022 йилни қарши олмоқдамиз. Жорий йилда эришган барча ютуқ ва натижаларимиз тарихда қолмоқда.

Бугун Сизлар билан биргаликда 2021 йил учун белгилаб олинган режаларимиз ижроси натижасини муҳокама қилиб, келгуси йилга устувор йўналиш
ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Шуни мурожаат қилиб айтмоқчиманки – Давлатимиз Раҳбари таъкидлаганларидек, барча амалга ошираётган ишларимиз “Инсон қадри учун” тамойили асосида бўлиши керак. Бу борада биз ҳар куни изланишимиз, илғор тажрибаларни чуқур ўрганиб, ҳаётимизни, иш услубимизни янгича ташкил этишимиз шарт.

Барча раҳбар ва мутасаддилар бир ҳақиқатни тушуниши керак, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолининг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлиши биз учун жуда муҳим.

Аҳоли даромадини ошириш учун қулай бизнес
ва инвестиция муҳитини шакллантириб, пировардида янги-янги иш жойларини ташкил этиш каби долзарб масалаларни ечишимиз лозим.

Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли яшаш сифатини янада ошириш мақсадида “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” тизимидаги ишларни жадал давом эттирамиз.

Эндиликда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, “Маҳалладан чиқмай туриб барча хизматлардан фойдаланиш” тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига имкон яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб илк маротаба тажриба тариқасида ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд 575 та маҳаллаларга ҳоким ёрдамчилигига муносиб номзодлар танлов асосида саралаб олинди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этишда яхши самара беради.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, 2021 йил якунига кўра Тошкент шаҳрида асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича юқори ўсиш суръатлари таъминланиши кутилмоқда. Жумладан:

Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми – 107,3 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 110 фоизга ўсди, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 38,6 млн сўмга тўғри келди;

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 82,2 трлн сўм, ўсиш – 111,6 фоиз, аҳоли жон бошига 29,6 млн сўмни;

Жами хизматлар – 104,4 трлн сўм, ўсиш 121,3 фоиз, аҳоли жон бошига 37,6 млн сўм;

Чакана савдо товар айланмаси – 57,9 трлн сўм, ўсиш 115,1 фоиз, аҳоли жон бошига 20,8 млн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Қурилиш ишлари – 25,9 трлн сўм, ўсиш 115,8 фоиз, аҳоли жон бошига 9,3 млн сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда Тошкентда жами 16,1 минг та саноат корхонлари бўлиб, уларда 223 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилда 226 та лойиҳа доирасида 4 трлн сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб - қувватлаш мақсадида 14 минг 586 та саноат корхоналарининг 2 минг 730 турдаги 48 минг 800 та маҳсулотлари электрон кооперация порталига жойлаштирилди ва 2,6 трлн сўмлик 13 мингдан зиёд шартномалар тузилди.

Жорий йилда жами 1,9 млрд доллар шундан, 1,6 млрд доллар тўғридан - тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 977 та лойиҳа ишга туширилиб, 30,1 минг та янги иш ўринлари яратилди.

Экспорт масаласига тўхталадиган бўлсак, 1 минг 200 та ҳудудий корхоналар жами 1,2 млрд долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириб, режа 141 фоизга бажарилди.

Экспортнинг 1,1 млрд доллари ёки 97,5 фоизини саноат маҳсулотлари ташкил этса, қолган 32 млн доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Ушбу натижаларга Президентимиз томонидан қабул қилнган қатор фармон ва қарорлар билан берилган имтиёзлар, яратилган бизнес муҳити ва қўллаб-қувватлашлар орқали эришилди.

Хусусан, 75 та экспортёр корхонага 96,1 млрд сўм қўшимча қиймат солиғи қайтариб берилди;

ташқи бозорларда харидор топиш мақсадида 50 та экспортёр корхоналарга кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш имконияти яратиб берилди;

106 та корхонага маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатлари қисман қоплаб берилди;

22 та ҳудудий корхоналарга айланма маблағлар учун банклар томонидан жами 15,2 млн долларлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шаҳримизда фаолият юритаётган 8 та кичик саноат зоналарида амалга оширилган 593 та лойиҳа доирасида 1,1 трлн сўм ўзлаштирилди ҳамда 12,4 та янги иш ўринлари яратилди.

Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан 1,8 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шундан 348,7 млрд сўм импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар. Шунигдек 59 млн долларлик экспорт амалга оширилди.

Умуман бугунги кунда пойтахтимизда жами 120,9 минг та тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Улардан 93,9 минг таси кичик бизнес субъектлари
ва 26,9 минг таси якка тартибдаги тадбиркорлар. Жорий йил якунига қадар кичик бизнес субъектлари сони 94,6 минг тадан ортиши кутилмоқда.

Албатта, янги корхоналар ташкил этиш тадбиркорликка бериладиган ягона баҳо эмас. Лекин, аҳолини бизнесга жалб этиш, манфаатли иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида банклар томонидан 215,6 млрд сўм кредит ажратилиб, 5 минг та янги лойиҳалар амалга оширилди ва 7,4 минг та янги иш ўринлари яратилди.

Шундан, “Ҳунармандчилик”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурлари доирасида 3,6 минг та янги лойиҳалар учун 173,4 млрд сўм кредитлар ажратилди, 5,9 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Ҳурматли депутатлар!

Бугунги кунда Тошкентда 2,8 млн аҳоли истиқомат қилиб, шундан меҳнат ресурслари сони 1,4 млн нафарни, жами банд аҳоли сони 1,3 млн нафарни ташкил этиб, ишсизлик даражаси 6,8 фоиз ёки ишсизлар сони 95,6 минг нафарга тўғри келади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 апрелдаги ПҚ-5094-сон қарорига асосан, Ҳудуд ва тармоқларни комплекс ривожлантириш инвестиция дастури доирасида янги лойиҳаларни ташкил этиш ҳисобидан ҳисобот даврида жами 53,8 минг та иш ўринлари яратилиб, йил якуни билан 60 минг тага яқин янги доимий иш ўринлари яратилади.

 

Туризм соҳасида ҳам ўзига яраша натижаларимиз бор. 2021 йилда жами 682,4 минг нафар, шундан 252 минг нафар чет эллик сайёҳлар ташриф буюрган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсган.

132,6 млн доллар туризм экспорт хизмати амалга оширилган. 2 553 ўринли 48 та меҳмонхоналар, 2 154 ўринли 50 та хостеллар ва 260 ўринли 30 та оилавий меҳмон уйлари ҳамда 61 та туроператорлар ва турагентлар ташкил этилди.

Туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида, 115 та Wi-Fi нуқталари, 21 та туристик йўл кўрсаткичлари, 30 та объектда инновацион йўл кўрсаткичлар, 11 та туристик маршрутлар ташкил этилди ҳамда 119 та санитария-гигиена шаҳобчалар қурилди ва реконструкция қилинди.

Туризм ва спорт соҳасидаги 94 та инвестицион лойиҳалар бўйича 2,1 трлн сўм, шундан 57,8 млн доллар хорижий инвестициялар тўлиқ ўзлаштирилиб, 2 356 та янги иш ўринлари яратилди.

 

Ҳурматли депутатлар,

Амалга оширилган ишларимиз натижасида, Давлат бюджет даромадларига ҳисобот даврида жами 22 трлн 96 млрд сўм маблағ келиб тушиши ёки режа 111 фоизга бажарилиши, шунингдек бюджетга қўшимча 2 трлн 625 млрд сўм маблағ туширилиши кутилмоқда.

Маҳаллий бюджет даромадларига 4 трлн 950 млрд сўм маблағ келиб тушиши ёки режа 121 фоизга бажарилиб, 882 млрд сўм маҳаллий бюджетга қўшимча маблағ туширилиши кутилмоқда.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Жорий йилда Тошкент шаҳрида олиб борилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари тўғрисида тўхталиб ўтсам.

Сир эмас Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қурилиш ва бунёдкорлик ишларига қаратаётган юксак эътиборлари натижасида нафақат Тошкент, балки бутун мамлакатимизда улкан ютуқларга эришилмоқда.

Тошкентнинг архитектуравий қиёфасини тубдан янгилаш, уни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш, аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

Жорий йилнинг ўзида шаҳарнинг кўркига кўрк қўшадиган Инновацион марказ, Олмазор туманидаги Давлат хизматлари маркази, Чўпонота кўчасидан Тошкент халқа автомобил йўлигача бўлган янги йўл ва 2 та йўл ўтказгич, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг янги биноси, Рақ амли Тошкент биноси, Янги Ўзбекистон боғи, “Magic city” боғи қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мирзо Улуғбек туманида Геология фанлари университети қурилишининг I-босқичи якунланди.

Шахидлар майдони реконструкция қилинди,
12 та марказий кўчалар таъмирланди, Аҳмад Дониш
ва Фарғона йўли кўчалари реконструкция қилинди.

“Обод  маҳалла” дастури доирасида
12 та маҳаллалардаги ички йўллар ва 38 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, таъмирлаш
ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилди, бу ишларга 121 млрд сўм республика ва маҳаллий бюджет маблағлар ҳисобидан молиялаштирилди.

9 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортилди, 814 км паст кучланишли электр тармоқлари, 190 та транcформаторлар янгиланди ва модернизация қилинди.

12 та туман кўчаларининг 28,5 км узунликдаги йўлларининг меъморий қиёфаси замонавийлаштирилди ва ободонлаштирилди, 49 км газ таъминоти тизими яхшиланди ҳамда 378 та газ тасқимлаш пунктлари таъмирланди.

345 км алоқа ва ахборотлаштириш тизими ривожлантирилди ва 206 та база станциялари қурилди, 58 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш таъмирлаш ишлари якунланди.

Маиший чиқиндилар билан ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 365 та контейнерлар ўрнатилди, 244 та болалар ва 193 та спорт майдончалари барпо этилди, 78 та уй-жой фонди таъмирланди.

“Беш ташаббус” доирасида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан Тошкент шаҳар маҳаллалар қиёфасини яхшилаш жамғармасига 1 трлн 50 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган эди. Бугунги кунга қадар жами 1 трлн 310 млрд сўм маблағ молиялаштириб берилди.

Ушбу ишлар доирасида, 1 500 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг фасад қисмлари янгиланди, 474 та воркаут ва 756 та болалар майдончалари, 136 километр пиёдалар йўлаклари ва 100 километр велосипед йўлаклари, 72 км ирригация тармоқлари, 53 км суғориш тизими қурилди.

Арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларнинг қиёфасини ободонлаштириш ва аҳолининг турар жой шароитларини яхшилаш бўйича 2021 йилда 7 515 та хонадондан иборат 121 та кўп қаватли уйлар қуриб, фойдаланишга топширилди.

Квартиралар сотиб олиш учун 7 983 нафар аҳолига 1,9 трлн сўм кредит маблағлари ажратиб берилди.

Жумладан, бугунги кунгача фуқаролардан субсидия ажратиш бўйича 24,4 минг та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 22,8 минг таси туман комиссиялари томонидан кўриб чиқилди.

Бугунги кунгача 1 080 та фуқароларга 39,9 млрд сўм субсидия учун ва 6 млрд сўм субсидия фоиз тўловлари учун ажратилган.

 

2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмачилигида 60 та объектда 1 трлн 23 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари режалаштирилган.

Бугунги кунга 9 та объектда ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди ҳамда 1 декабрь ҳолатига 1 трлн 147 млрд сўмлик ишлар бажарилди (112 фоиз).

Барча объектларда қурилиш ишлари белгиланган муддатларда олиб борилмоқда. 30 та объект декабрь ойи якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Қолган 21 та объектлар йилдан-йилга ўтувчи ҳисобланиб, қурилиш ишлари 2022 йилда якунланади.

 

Йўл - транспорт ва муҳандислик - коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш юзасидан Тошкент шаҳри бўйича 2021 йилда жами 993 та марказий ва ички кўчаларида 3,4 млн кв.метр (642 км) йўлларни қурилиш-таъмирлаш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунда 1 048 та марказий ва ички кўчаларда 6 млн  кв метр (1 170 км) йўллар таъмирланди, яъни режадагидан қарийб икки баравар кўп йўллар таъмирланди.

Шунингдек, “Бешта ташаббус” лойиҳаси доирасида 903 та кўчаларда 5,4 млн кв метр (1 075 км) йўллар таъмирланди.

“Обод маҳалла” дастури доирасида “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” корхонаси томонидан 133 та кўчаларда 379 минг кв.метр (69 км) йўлларни таъмирлаш бўйича барча режадаги ишлар якунланди (42 млрд сўм маблағлар тўлиқ молиялаштирилди).

Туманларнинг 12 та марказий кўчаларида режадаги 207 минг кв метр (29 км) йўлларни таъмирлаш ишлари якунланди.

 

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан амалга оширилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахтларни экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш тизимини самарали ташкил этиш бўйича
долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.

2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида
«1 миллион дарахт» ташаббуси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилиниб, ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Жами 1 миллион дона, шундан 2021 йил куз мавсумида 375 минг ва 2022 йил баҳор мавсумида 625 минг дона дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилди.

243 та кўчалар ва 19 та марказий майдонларга 101,6 минг дона манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлаб чиқилган концепция асосида олиб борилмоқда. 21 декабрь ҳолатига 398,7 минг дона кўчат экилиши таъминланди.

Дарахт ва бута кўчатларини суғориш, парваришлаш мақсадида 21 та сув қудуқлари ташкил этилди.

Пойтахтимиздан оқиб ўтган каналлар ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича ҳам ишлар давом эттирилиб, жорий йилда 418 км канал ва коллекторлар ўзанлари тозаланиб, 17 минг м3 чиқиндилар олиб чиқиб кетилди.

Қирғоқ ва ўзанларига 4,3 минг м3 соз тупроқ ётқизилди ҳамда 162,3 м3 бетонлаш ишлари амалга оширилди. 2 километрдан ортиқ узунликдаги хавфсизлик панжаралари ўрнатилди.

Мирзо Улуғбек туманидан оқиб ўтувчи “Салар” каналининг Дўрмон йўли кўчасидан Зиёлилар кўчасигача бўлган 1,6 км қисмида ободонлаштириш ва сайлгоҳ ташкил этилди.

Шунингдек, ушбу каналнинг Яккасарой туманидан оқиб ўтувчи Бобур кўчасидан Кичик халқа автомобиль йўлигача бўлган 2,4 км қисмида, “Анхор” каналининг 1,7 км қисмида, “Қорасув” каналининг 4,9 км қисмида, шунингдек, Олмазор туманида жойлашган Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати ҳудудидан оқиб ўтувчи “Соғбон” коллекторини ёпиқ кўринишга ўтказиб, сайилгоҳ ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилди.

Булардан ташқари, инвесторлар томонидан “Салар” каналининг Амир Темур кўчасидаги 400 метр ҳамда “Чўпон ота” каналининг 200 метр қисми ободонлаштирилиб, сайлгоҳлар ташкил қилинди.

 

Ҳурматли депутатлар!

Барчамизга маълум Тошкент шаҳри аҳолиси сони йил сайин ошиб бормоқда. Бу эса азим пойтахтимизда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, янги иш ўринларини яратиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади.

Бу каби муаммоларни ечимини топишда энг аввалги ўринда Тошкент шаҳри ҳудудини кенгайтириш масаласи турган эди. Шу ўрнида яна бир бор Олий мажлис палаталарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Пойтахтимиз ҳудудини кенгайиши бўйича Палаталар ўзларининг қарорларини қабул қилдилар.

Унга кўра, Тошкент вилоятининг жами 7 минг 853 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига ўтказилди. Бу ҳудудларда 41 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 100 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Галдаги вазифамиз ҳудуддаги аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, ҳорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шаҳар экспорт салоҳиятини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилаш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ва қуриш, маҳаллаларни обод қилиш каби қатор масалаларни ечиш.

Шу мақсадда биз йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Ушбу лойиҳаларни муҳтарам Президентимиз ҳузуридаги тақдимот жараёнида муҳим тавсия ва кўрсатмалари асосида янада такомиллаштириб, амалий ишлар бошланган.

Янги қўшилган ҳудудда “Янги Ўзбекистон боғи” ташкил этилди. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги ушбу боғда кенг нишонланди. Барчамиз ушбу тантанали байрамга гувоҳ бўлдик.

Шу билан бирга, боғга туташ ҳудудда замонавий университет, Янги Ўзбекистон кўчасини замонавий архитектура қиёфасини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан махсус дирекция ташкил этилди.

Бугунги кунда дирекция ҳудуди аниқланиб, “ТошбошпланЛИТИ” ҳамда Туркиянинг “KEYM” компанияси билан биргаликда Бош режа ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу ҳудудда, савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, меҳмонхоналар, университет, спорт майдонлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, турар-жойлар ва бизнес марказлари қурилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, хизматлар соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Чирчиқ дарёсининг шаҳардан оқиб ўтувчи 16 км қисмида дарё ўзанини 50 метргача қисқартириш ва ободонлаштириш ҳисобига, 306 гектар ер майдони очилади.

Ушбу янги ўзлаштириладиган ерда рекреацион зона, пиёда йўлаклари, савдо, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, ишлаб чиқариш ва турар жой мажмуаларини қамраб олган “Дарё бўйи” мажмуасини барпо этиш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа 4 босқичда амалга оширилиб, бугунги кунда унинг 1-босқичи жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Янги қўшилган ҳудуддаги мавжуд қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, шаҳримиз аҳолисини сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида замонавий мева-сабзавотчилик комплекси ташкил этишни ҳам режалаштирганмиз.

 

Ҳурматли депутатлар, йиғилиш иштирокчилари!

Энди коммунал соҳада амалга оширилаётган ишларга тўҳталиб ўтсам.

2021 йилда 46,3 км эскирган ичимлик суви тармоқлари капитал таъмирланиб, йўқотишлар 1,2 фоизга қисқарди.

Шунингдек, жами 53,1 км янги оқава сув қувурлари қурилди ва 2,2 км оқава сув тармоқлари капитал таъмирланди.

Аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 5 та қозонхоналардаги қозонлар мукаммал, 456 таси жорий, 158 км эскирган қувурлар капитал, 97 км иссиқлик изоляцияси ва 81 та насос станциялари жорий хамда 5 таси мукаммал таъмирланди.

 

Электр энергия таъминотини янада яхшилаш мақсадида 2021 йилда 91,5 млрд сўм маблағ ажратилиб, 203 та трансформатор подстанция ва узунлиги 814 км электр тармоқлари янги қурилди, 603 км электр тармоқлари ва 680 та трансформаторларда мукаммал таъмирлаш, реконструкция ва модернизация ишлари амалга оширилди.

Табиий газ етказиб бериш тизимида жорий йилда 1 км қувурлар реконструкция қилинди, 23 км газ қувурлари мукаммал, 213,7 км ер усти газ қувурлари жорий таъмирланди.

Шайҳонтохур тумани, “Катта ховуз” маҳалласида табиий газ истеъмолчиларига газ босимини бир меъёрда етказиб бериш мақсадида Италия давлати билан ҳамкорликда янги замонавий, юқори босимни паст босимга ўтказа оладиган, масофадан бошқариладиган 4 дона газ тақсимлаш пунктлари синов тариқасида ўрнатилди.

Янгиҳаёт тумани, “Чортоқ“ маҳалласидаги газ истеъмолчиларини уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказиш мақсадида диаметри 48, 76 ва 89 ммли жами узунлиги 2,6 км янги газ қувури қуриб битказилди.

 

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бугун эришилган иқтисодий ислоҳотларнинг натижадорлигини таҳлил қиладиган бўлсак, барчасининг заминида замонавий ахборот технологияларини қўллаш алоҳида ўрин тутганини кўришимиз мумкин.

Тошкент шаҳри, тарихан, ривожланган муҳандислик-коммуникация, транспорт тизими, малакали мутахассислар ва сифатли хизмат кўрсатиш соҳасига эга бўлган. Хабарингиз бор, бундан бир йил аввал “Рақамли Тошкент” дастури тасдиқланди.

Ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш, йўл транспорт ва коммунал инфратузилманинг интеграциялашган рақамли муҳитини яратиш, аҳолига кўрсатилаётган замонавий хизматларни рақамлаштириш борасида қатор афзалликларга эришилди.

 

Дастур доирасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталадиган бўлсак:

  1. “Рақамли Тошкент” вазиятлар маркази ташкил этилди.

Бу ерда мамлакатимизда илк бора Тошкент шаҳри мисолида географик ахборот-таҳлил тизими – Геопортал жорий қилинди, унга вазирлик
ва идораларнинг 60 дан ортиқ ахборот тизимлари интеграция қилинди.

Ушбу марказда замонавий ахборот технологиялари
ва сунъий интеллект асосида шаҳардаги ижтимоий объектлар, муҳандислик-коммуникация тармоқлари
ва йўллар қурилиши, транспорт оқими, аҳоли зичлиги
ва демографияси, ёнғинлар, йўл-транспорт ҳодисалари каби 500 дан ортиқ турдаги маълумотларни олиш
ва уларни таҳлил қилиш имконияти яратилди.

  1. Шаҳар инфратузилмаси ва давлат хизматларининг сифатини таъминлаш бўйича фаол жамоатчилик назоратини олиб борувчи “Халқ назорати” портали
    ва унинг мобил иловаси ишга туширилди.

Портал ёрдамида аҳолини қийнаётган энг кўп ижтимоий муаммолар аниқланди. Ички йўлларни таъмирлаш, кўп қаватли уйларнинг инфратузилма ҳолати, жамоат жойлари ва дам олиш масканларидаги шароитлар ҳамда жамоат транспортлари шулар жумласидандир.

  1. Барча ижтимоий соҳа объектлари, жумладан 153 та соғлиқни сақлаш, 463 та мактабгача таълим муассасалари, 316 та умумтаълим мактаблари ҳамда 575 та маҳалла фуқаролар йиғинлари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди.

Тошкент шаҳридаги 77 та тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштириш ва замонавий техникалар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 16 млрд сўм маблағ ажратилди.

Аҳолига жамоат транспортларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида автобуслар ва Тошкент метрополитенида электрон тўлов тизими жорий этилди.

Натижада, жорий йилда аҳолига кўрсатилган транспорт хизматлари тушумидан олинган даромад 84,1 млрд сўмни ташкил этди.

  1. “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида Шайхонтоҳур туманининг 137та объектларида 843 та шахсни идентификациялаш ва видеокузатув тизими ўрнатилди.

Натижада ушбу ҳудудда 24 та қидирувда бўлган шахслар аниқланди ҳамда 100 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик рўйхатга олиниб, жиноятнинг олди олинди.

Тошкент шаҳрининг 24 та чорраҳасида 76 та видеокузатув камералари ўрнатилиб, улар орқали ҳозирги кунга қадар 20 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланди.

Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг энг хавфли йўл қатнов қисмига 40 та стационар радар мосламаларини ўрнатиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 12 млрд сўм маблағ босқичма-босқич ажратилмоқда.

  1. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ўзлаштиришини ва давоматини ҳисобга олиш бўйича “Электрон кундалик” ягона ахборот тизими жорий этилди ва барча мактаблар мазкур тизимга уланди.
  2. Коммунал хизматлар тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни берувчи ҳамда коммунал ташкилотлар билан электрон ҳамкорликни таъминловчи
    Менинг уйим” ахборот тизими жорий этилди. Тизимга пилот тариқасида республиканинг барча ҳудудларидан биттадан бошқарув компаниялари уланди.

Фуқароларга ягона ҳисоб рақам орқали барча коммунал хизматларга тўловларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятини яратиш бўйича масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилмоқда.

  1. Пойтахтимизда кўчмас мулк объектлари манзилларини тартибга солиш мақсадида Тошкент шаҳрининг ягона манзиллар реестри яратилди.

Рақамли Тошкент” дастурининг ўз вақтида
ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигида Рақамли ривожланиш департаменти ташкил этилган ва унда ҳозирда 40 дан ортиқ малакали мутахассислар фаолият кўрсатиб келмоқда.