Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси

Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Сенат ялпи мажлисида ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати ўрганилгани ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ҳукуматга парламент сўрови юбориш таклифи киритилди.

 

Сўнгги йилларда ушбу йўналишга алоҳида эътибор қилинаётганини “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида” ва “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани билан кўриш мумкин.